Аввал айрим авторитар раҳбарлар учун куйлагани боис танқидга учраган бу қўшиқчининг Марказий Осиёдаги, жумладан Тошкентдаги чиқишлари сиёсий ва инсон ҳуқуқлари контекстида ҳам турлича баҳоланмоқда.
Маданият ва сиёсат ўртасидаги "юмшоқ куч"
Арманистон ҳукумати Женнифер Лопеснинг Еревандаги концертини ташкил этиш учун 6 миллион, айрим манбаларга кўра 7 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратган. Маблағнинг 2,6 миллиони қўшиқчининг гонорари экани айтилади.
Ереваннинг вице-мэри Армен Памбукчян танқидларга жавобан, ушбу харажатларни асосли деб ҳисоблашини билдирди. У Лопеснинг концертига тахминан 15 минг хорижлик томошабин келишини ва ҳар бири мамлакатда камида 500 доллар сарфлашини айтган.
Бироқ собиқ бош вазир Хрант Багратян концерт учун сарфланган бюджет маблағлари бўйича расмий суриштирув ўтказишни талаб қилмоқда.
J'Lo номи билан ҳам танилган Лопеc бу йил Up All Night деб номланган гастрол тури доирасида бир неча давлатда концертлар ўтказмоқда.
7 август куни у Тошкентдаги 35 минг ўринли “Миллий” стадионида ҳам куйлайди. Afisha.uz маълумотларига кўра, чипталар 800 мингдан 4,1 миллион сўмгача сотилмоқда, аммо концертнинг аниқ ташкилий ва молиявий харажатлари очиқланмаган. Айрим тахминларга кўра, бу миқдор Арманистондагига яқин, яъни 6-7 миллион доллар атрофида бўлиши мумкин.
1 август куни Лопес Остонада концерт берди, 10 августда эса уни Олмотада кутишмоқда. Қозоғистондаги гонорар суммаси айтилмаган, бироқ ташкилотчилар давлат бюджетига 1 миллиард тенге, яъни 1 миллион 800 минг АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда солиқ тўлаши хабар қилинган.
Концертларни Тошкентда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси, Қозоғистонда Astana Concert ширкати ташкил этган. Таҳлилчилар Лопес энг қиммат артистларнинг бири бўлгани боис, Марказий Осиёдан миллионларни олиб кетаётганини айтадилар.
Журналистларнинг “Нима учун тур доирасида Тошкентни танладингиз?” - деган саволига жавоб берар экан, J’Lo аввал ҳам Ўзбекистон пойтахтига бир нечта хусусий байрамларга келганини таъкидлаган:
“Марказий Осиёга бораётганимизда ўйладимки, албатта Тошкентга боришимиз керак! Одамларни кўриш ва бу ерда катта концерт бериш – мен учун ҳаяжонли”.
Қирғизистонлик журналист ва продюсер Собир Абдумомуновга кўра, Женнифер Лопеснинг Тошкент, Остона ва Олматида концерт бериши - бу шаҳарлар ва мамлакатлар учун муҳим сиёсий ва маданий аҳамиятга эга:
"Бу, биринчи навбатда, "биз ҳам жаҳон маданиятининг бир қисми бўлдик", деган каби имиджни шакллантиришга хизмат қилади. Шу орқали шаҳарлар ўзини очиқ, халқаро майдонга юзланган марказ сифатида намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Концертлар сайёҳлик ва хорижий инвестицияларни жалб этишда “юмшоқ куч” сифатида хизмат қилса, маҳаллий ёшлар ва мухлислар учун илҳом, мотивация ҳамда жаҳон маданиятига дахлдорлик ҳиссини уйғотади. Шу билан бирга, мода, шоу-бизнес, медиа ва креатив иқтисодиёт соҳаларида ривожланиш учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади”.
Таҳлилчилар бундай концертларда сиёсий элита вакиллари залнинг ёки стадионнинг VIP зонасида меҳмон бўлишини, чунки бундай тадбирлар ҳокимият тепасидагиларнинг рухсати билангина ишга ошишини таъкидлайдилар.
"Принципиал позицияси йўқ"
Женнифер Лопес учун Марказий Осиё бегона ҳудуд эмас. 2013 йилда у Туркманистонниг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган куни учун Ашхободга келиб куйлаган ва тахминан 1 миллион доллар гонорар олган.
Бу ҳолат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қаттиқ танқид қилинган. Human Rights Watch ва Amnesty International ташкилотлари уни авторитар режимни қўллаб-қувватлашда айблаган. J'Lo кейин кечирим сўраган.
2011 йили асли ўзбекистонлик экани айтилган олигарх Аъзам Асламов ўғлининг Қримдаги тўйига Женнифер Лопесни 1 миллион долларга таклиф қилган. Тадбирда Чеченистоннинг авторитар раҳбари Рамзан Қодиров ҳам иштирок этган.
Лопес шунингдек, россиялик олигарх Телман Исмаиловнинг туғилган кунида куйлаши ва 2012 йилда Беларусдаги концертлари билан ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган. Ўша йили россиялик амалдор Александр Елькиннинг туғилган кунида қўшиқ айтиши керак эди, аммо Елькин коррупция айби билан ҳибсга олингач, бу тадбир бекор қилинган.
Шу сабаб, Лопеснинг Ўзбекистон каби сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолари бор мамлакатларга келишининг сиёсий ва ижтимоий баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Қозоғистонлик сиёсий эксперт Димаш Алжанов Женниферни принципиал позицияга эга эмас юлдузлар қаторига қўшади:
“Ҳозирги кунда дунёда инсон ҳуқуқлари масалаларига эътибор камайган бир пайтда, айниқса, катта концертлар ва даромадга муҳтож бўлган, шуҳрати пасайиш арафасида турган ғарб юлдузлари жамоатчилик танқидига камроқ учрайди. АҚШ ва Европа давлатларида ҳам демократияда таназзул, миграция масалаларида инсон ҳуқуқларига зид қарорлар қабул қилиниши фонида, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби мамлакатларга нисбатан ташқи босимлар камайди. Шу боис бу давлатлар учун янги имкониятлар очиляпти - ҳамкорлик қилиш, тижорат фаолияти юритиш, имиж устидан ишлаш. Шунинг учун мен, Женнифер Лопеснинг концертларидан масалан, Стинг билан боғлиқ вазиятда бўлганидек жиддий реакция бўлишини кутмайман. Ахир, ҳамма юлдузлар ҳам бу борада принципиал позицияга эга эмас”.
Қозоғистонлик эксперт британиялик хонанда Стинг билан боғлиқ воқеани бекорга эсламади. 2011 йили қўшиқчи Қозоғистоннинг ўша даврдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг туғилган кунида куйлашдан бош тортган эди. У бу қадами билан Манғистауда ҳуқуқлари поймол этилаётганини айтиб норозиликка чиққан юзлаб нефтчиларни қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Женнифер Лопеснинг Остона ва Олматидаги концертлари унинг мухлислари учун хурсандчилик бўлса-да, муаммоли давлатларда бундай тадбирлар нафақат шоу, балки жамият учун муҳим воқеликка айланиши мумкин. Унинг жозибаси ва соғлом ҳаёт тарзи кўпчиликка илҳом беради, бироқ юлдузлар инсон ҳуқуқлари, сиёсий маҳбуслар ва сўз эркинлиги ҳақида ҳам гапиришдан тортинмаслиги лозим. 2011 йили Стинг Жанўзендаги норозиликлар туфайли Қозоғистондаги концертдан воз кечиб, бутун мамлакатдаги сукунатни бузганди. Демак “юлдузлар”, агар мамлакатдаги вазият ҳақида очиқ гапира олса, бу фақат шоу эмас, балки жамият учун фойдали воқеликка айланади. Чунки инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги - ҳар бир инсон учун муҳим масала. Шу боис, бизнинг минтақамизда демократия жараёнлари ривожланиши жуда зарур” - дейди қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғалим Агелеуов.
Лекин Стинг Ўзбекистоннинг биринчи президенти, авторитар раҳбар сифатида тарихда қолган Ислом Каримовнинг қизи, кейинчалик катта коррупцияга айланиб қамалган Гулнора Каримованинг маъракаларида хос меҳмон бўлган.
Гулнора отасининг даврида ўз машваратларига ҳар йили Ғарб номдорларини олиб келишни канда қилмаган. Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан¸ Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилган.
2013 йили франциялик таниқли қўшиқчи Лара Фабиан Тошкентда ўтаётган Art Week Style.uz санъат ҳафталиги Гулнора Кармиовага алоқадор эканидан хабар топиши ортидан Ўзбекистонга бориш режаларидан воз кечган.
Ҳозирги президент Шавкат Мирзиёевнинг қизлари эса 2019 йилда Россия юлдузлари билан бирга Тошкентдаги ресторанда дам олаётгани акс этган видеолар билан эътиборга тушган.
Танқидлар нишонидаги артист
Ишончли манбаларга кўра, 2025 йилга келиб Женнифер Лопеснинг бойлиги тахминан 400 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
56 ёшли юлдуз АҚШда ҳам оммавий муҳокамалар марказида туради. Масалан, American Music Awards маросимидаги саҳна ҳаракатлари танқидга дуч келган. Reddit платформасида унга бағишланган ҳужжатли фильм ҳақида турли фикрлар айтилади. Кузатувчилар фильм тўқилган сценарий асосида, реалликдан узоқ, эстетик ва образга қаратилган ижодий уриниш эканлиги ҳақида фикр билдиришган. TikTok’да унинг JLo Beauty косметика бренди ҳақида кўп шубҳалар пайдо бўлган.
Арманистондаги концертининг сўнггида Лопес мухлисларига мурожаат қилиб, “ҳамиша бахтли ва эркин бўлинглар” дея тилак билдирган.
Қозоғистон пойтахтида ўтган ва Ўзбекистонда ўтадиган концертига боғлиқ муҳокамаларда ҳозирча тармоқларда артиснинг қомати ва унинг ярим-яланғоч кийимларига эътибор қаратиляпти. Ҳатто Фейсбукнинг ўзбек сегментида айрим фойдаланувчилар Лопес Тошкентдаги саҳнада ўзбекларнинг миллий қадриятига ва кийиниш маданиятига риоя қилиши кераклигини ҳам маслаҳат бермоқдалар.
Тошкент шаҳар ҳокимияти эса 7 августта эрталаб 7:00дан бошлаб бир нечта йўл 24 соатга ёпилишини маълум қилди. Шунингдек, концертга уч соатча аввал келиш ва шахсий автомобилдан фойдаланмаслик, жамоат транспортида ёки таксида юриш тавсия этилди. Қолаверса, одамлардан артистларга ва ташкилотчиларга нисбатан ҳурмат сақлаб, маданиятли бўлиш сўралган.
Форум